2008 йил 22 май, Тошкент - Суғурта хизматлари бозорини халқаро талаблар асосида ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг суғурта бозорида фаол иштирок этишини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонда суғуртачилар ҳамда истеъмолчилар учун суғурта имтиёзлари ва рағбатлари кўринишидаги ижобий имкониятлар яратилди.
Айни дамда республика суғурта бозорида 28 та суғурта компанияси, 1 та қайта суғурталаш компанияси, 2 та суғурта брокери, 2 та ассистанс хизмати фаолият юритяпти. 2007 йил якунига кўра, республикамиз суғурталовчилари ихтиёрий ва мажбурий суғурта турлари бўйича 72,3 миллиард сўмдан ортиқ суғурта мукофотлари тўпладилар. Бу эса 2006 йилга нисбатан 45,5 фоиз кўп деганидир. Сўнгги 5 йил ичида эса суғурта мукофотларини йиғиш ҳажми 3,3 марта ошди.
Суғуртанинг аҳамияти айниқса, иқтисодий ислоҳотлар қаторида муҳим ҳисобланади. Чунки суғурта тадбиркорлик фаоллик ривожланишини рағбатлантиради, инвестицион муҳитни яхшилайди, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишда алоҳида роль ўйнайди. Айни дамда Ўзбекистонда суғурта хизматларининг рақобат бозорини шакллантириш, замонавий суғурта турларини такомиллаштириш, шунингдек, суғурта фаолияти сифатини оширишга қартилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" 2007 йил 10 апрелда қабул қилинган №ПҚ-618 сонли Қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасида суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг 2007-2010 йилларга мўлжалланган Дастури" мамлакатимиздаги суғурта бозори ривожланишини белгиловчи асосий омил бўлди.
Шунингдек, суғурта имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш мақсадида республикада мажбурий суғуртанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида иш олиб бориляпти. Жумладан, жорий йилнинг 22 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик мажбуриятларини мажбурий суғурталаш тўғрисида" Қонуни кучга киради.
Шу билан бирга соҳани ривожлантиришда ҳали ишга солинмаган имкониятлар, дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида қилиниши лозим бўлган ишлар оз эмаслигини ҳам таъкидлаш жоиз. Бу борада оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳам муҳим роль ўйнайди. Хусусан, ОАВ томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ахолининг кенг қатламларига етказиш, эришилаётган ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга каратилган сайъи-харакатларни муфассал ёритиш суғурта хизмати бозорини янада тараққий этишига хизмат қилади.
2008 йил 22 май куни Тошкентда "Ўзбекистонда суғурта бизнеси: бугунги холат ва истиқболлар, уларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши" мавзуида форум бўлиб ўтади. "SAIPRO" компанияси Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги, Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари ассоциацияси, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этаётган мазкур анжуманда мамлакатда суғурта бизнесини ривожлантиришнинг устувор вазифалари, миллий суғурта бозорини ислоҳ қилиш жараёнида эришилган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек ахоли ўртасида суғурта маданияти даражасини ошириш ва тармоқда амалга оширилаётган янгиланишларни ОАВда ёритиш ва ахоли ўртасида тарғиб мухокама этилади.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, халкаро ташкилотлар, манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, суғурта, лизинг, инвестиция компаниялари ва банклар, иктисодий-молиявий йуналишдаги олий ўқув юртлари, махаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.